Тадбиркорларга 4 млрд долларлик 131 та йўл ва кўприк лойиҳаси таклиф этилади

Ўзбекистонда автомобил йўллари ва кўприкларни қуриш, сақлаш ва бошқаришга хусусий бизнесни фаолроқ жалб қилиш режалаштирилмоқда: инвесторлар учун умумий қиймати 4 миллиард доллар бўлган 131 та лойиҳа тайёрланди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев транспорт-логистика соҳаси инвесторлари ва тадбиркорлари билан учрашувда маълум қилди. Давлат раҳбари ҳокимларга бир ой ичида ҳар бир ҳудудда битта-иккита йўл инфратузилмаси обектини белгилаб, инвесторларга таклиф қилишни топширди.
Лойиҳалар хусусий секторга техник-иқтисодий асослари билан тайёр пакетлар шаклида берилади, инвесторлар эса йўллар бўйлаб савдо ва сервис обектлари барпо этиш ҳуқуқига эга бўлади. Айни пайтда мамлакатда умумий қиймати 5,6 миллиард доллар бўлган бешта пуллик автомобил йўли қурилиши лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.