Андижон туманида қўл-оёғи боғланган аёлнинг жасади топилди

24-ноябрь куни Андижон туманидаги хонадонлардан бирида 1972-йилда туғилган аёлнинг қўл-оёғи боғланган ҳолда жасади қотиллик аломатлари билан топилган — дея маълум қилди Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов. Ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, ашёвий далиллар олинган, аёлнинг ўлим сабабини аниқлаш учун экспертизалар тайинланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) ва 164-моддаси (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирча гумонланувчи шахс аниқланмаган, жиноятни фош этишга қаратилган дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.