Аттраксион операторларининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурталанади

Ўзбекистонда аттраксион операторларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тизими жорий этилади — бу Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 25-ноябрдаги 645-сон қарорида белгиланган. Аттраксионларни ҳукумат белгилайдиган муддатларда даврий техник кўрикдан ўтказиш улардан фойдаланишга рухсат беришнинг мажбурий шарти бўлади, кўрикдан ўтмаган аттраксионлардан фойдаланиш рухсат талабларини қўпол бузиш деб топилади.
Операторлар Касбий таълим агентлиги техникумларида қисқа муддатли курсларда ўқитилиб, давлат намунасидаги сертификат олади. Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси икки ой ичида мажбурий суғурта тартибини ишлаб чиқади ҳамда аттраксионларнинг техник ҳолати ҳақидаги давлат реестрини ҳамма учун очиқ қилади.
Шунингдек, аттраксионларни импорт қилиш, рўйхатга олиш ва назорат қилиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилади.