UZBNEWS

Тошкентда 2027-йил учун чиқинди олиб чиқиш тарифларини ошириш таклиф қилинди

Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашининг қурилиш, коммунал ва сув хўжалиги, экология, саноат ва транспорт масалалари бўйича доимий комиссияси 25-ноябрь куни 2027-йил учун маиший чиқиндилар билан боғлиқ хизматларнинг янги тарифларини маъқуллади. Аҳоли учун қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш бир киши учун ойига 10 000 сўм (ҚҚС ҳисобга олинмаганда), ҚҚС билан эса 11 200 сўм этиб белгиланиши режалаштирилмоқда.

Ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун бу хизмат бир куб метр учун 119 969,79 сўм, суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш эса бир тонна учун 251 744,65 сўм (ҚҚС ҳисобга олинмаганда) бўлади. Масала жамоатчилик муҳокамасига чиқарилади, сўнгра шаҳар кенгаши сессияси кун тартибига киритилади.

Тошкентда қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш тарифлари охирги марта 2024-йил апрелида оширилган эди.

UZBNEWS иловасида ўқиш