Туризм лойиҳалари жамғармасига 2027-йилда 100 млрд сўм ажратиш таклиф қилинди

Туризм лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш ва унга 2027-йилда 100 млрд сўм ажратиш таклиф қилинди — бу Шавкат Мирзиёев танишган туризм лойиҳалари тақдимотида маълум бўлди. Жамғарма маблағлари янги сайёҳлик масканларини барпо этиш, тадбиркорларга имтиёзли кредитлар бериш, кредит фоизларининг бир қисмини қоплаш ва замонавий кўнгилочар хизматларни субсидиялашга йўналтирилади.
Шунингдек, янги лойиҳалар учун 5 минг гектар ерни ауксионга чиқариш ва 2030-йилгача туризм инфратузилмасига 3,1 трлн сўм йўналтириш кўзда тутилган. 2026–2027-йилларда ҳудудлар учун жами 34 та мастер-режа ишлаб чиқиш белгиланган бўлиб, уларнинг 13 таси тайёрланган.
Туризм қўмитасига йирик халқаро тадбирларни сайёҳлар оқими нисбатан кам бўлган даврларга кўчириш бўйича топшириқ берилди.