UZBNEWS

Ўзбекистонда саккизта янги қўриқлаш хизмати жорий этилиши мумкин

Президент Шавкат Мирзиёев 26-ноябрь куни қўриқлаш хизматлари сифати ва қамровини ошириш юзасидан тақдимот билан танишди, унда мавжуд олтита хизмат турига қўшимча равишда саккизта замонавий хизмат турини жорий этиш таклиф қилинди. Улар орасида виртуал СОС тизими, тансоқчилик, дронлар орқали кузатув ва хонадонларни замонавий қурилмалар ёрдамида қўриқлаш хизматлари бор.

Шунингдек, Миллий гвардиянинг қўриқлаш ваколатларини кенгайтириш ҳамда мавжуд бешта ахборот тизимини бирлаштирган ҳолда «Рақамли қўриқлаш» ягона ахборот тизимини жорий этиш таклиф этилди. Мазкур тизим орқали шартномаларни электрон шаклда расмийлаштириш ва тезкор гуруҳлар ҳаракатини реал вақт режимида кузатиш имконияти яратилади.

Тақдимотда қайд этилишича, қўриқлаш обектлари сони 194 мингтадан 337 мингтага етган бўлса-да, хизматларнинг бугунги қамрови аҳоли ва тадбиркорлар эҳтиёжларини тўлиқ қондирмаяпти.

UZBNEWS иловасида ўқиш