Нигерда Миллий гвардия қароргоҳига ҳужум: камида 13 нафар ҳарбий ҳалок бўлди

Нигер ғарбидаги Санам ҳудудида Миллий гвардия қароргоҳига уюштирилган ҳужумда дастлабки маълумотларга кўра камида 13 нафар ҳарбий ҳалок бўлди, 20 нафари яраланди — дейилади мамлакат Мудофаа вазирлигининг давлат телевидениесида ўқиб эшиттирилган баёнотида. Вазирлик пайшанба куни содир бўлган ҳужумни «кўп сонли оғир қуролланган ҳужумчилар» амалга оширганини маълум қилиб, уни «террорчилик ҳужуми» деб атади.
Баёнотга кўра, ҳарбийлар бир нечта ҳужумчини йўқ қилган ва уларнинг логистика инфратузилмасини вайрон этган, ҳужумчиларни қидириш операциялари давом этмоқда. Санам Мали чегараси яқинидаги Тиллабери вилоятида жойлашган бўлиб, ҳужумни ким уюштиргани ҳозирча номаълум.
Бу ҳужум вазирлик мамлакат жануби-шарқидаги Диффа вилоятида Боко Ҳарамга нисбат берилган ҳужумда 11 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганидан икки кун ўтиб содир бўлди.