Марказий банк: аҳоли сезган инфляция октябрда 10,2 фоизга етди

Октябрь ойида Ўзбекистонда аҳоли томонидан сезилган инфляция ўтган ойга нисбатан 1 фоиз бандга ошиб, 10,2 фоизни ташкил этди — дейилади аҳоли ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига асосланган Марказий банк шарҳида. Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида (12,1 фоиз), энг паст кўрсаткич эса Қорақалпоғистон Республикасида (8,5 фоиз) қайд этилди.
Нархи юқори ошган товар ва хизматлар орасида гўшт ва сут маҳсулотлари (респондентларнинг 52 фоизи), бензин ва ёқилғи (47 фоиз), электр ва табиий газ (38 фоиз) етакчилик қилмоқда. Ой давомида аҳолига электр ва табиий газ, дори-дармон, мева-сабзавотлар, тухум, нон ва ун маҳсулотлари қимматлашгани энг кўп сезилди.
Даромади 30 млн сўмдан юқори аҳоли гуруҳида сезилган инфляция сентябрдаги 15,9 фоиздан 13,1 фоизгача пасайган.