Ташкент City’da дайди ҳайвонларни боқишни чеклаш банди лойиҳадан чиқарилмоқчи

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Ташкент City ҳудуди учун ишлаб чиқилган регламент лойиҳасидан дайди ҳайвонларни боқишни чекловчи бандни чиқаришни режалаштирмоқда. Лойиҳада аҳолига қўшнилар ва хизмат кўрсатувчи ташкилот розилиги билан бир турдаги фақат битта уй ҳайвони сақлашга рухсат бериш, уй ҳайвонларини мажбурий рўйхатдан ўтказиш ҳамда умумий фойдаланиш жойларида дайди ҳайвонларни боқишни бутунлай тақиқлаш таклиф этилган эди.
Ҳужжат фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлиб, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган. Вазирлик муҳокамага қўйилган регламент ҳали қабул қилинган қарор эмаслигини таъкидлади.
Мутахассислар ва жамоатчилик иштирокида ҳайвонларни махсус ажратилган жойларда боқиш ва санитария талабларига риоя қилиш бўйича инсонпарвар ечимларни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди — дейилади вазирлик баёнотида.