Тошкентда фирибгарлар ақлли ҳисоблагич баҳонасида паспорт маълумотларини сўрамоқда

Тошкентда фирибгарлар фуқароларга телефон қилиб, ақлли ҳисоблагич ўрнатиш баҳонасида паспорт маълумотларини қўлга киритишга уринмоқда. Улар асосан кекса ёшдаги фуқаролар ва пенсионерларни нишонга олмоқда — келиб тушган мурожаатларга кўра.
Пойтахт туманларида хонадонларга ақлли ҳисоблагичлар ўрнатиш ишлари давом этмоқда, бироқ бунинг учун истеъмолчилардан ҳеч нарса, жумладан, шахсий маълумотлар ҳам талаб этилмайди. Маҳаллаларда ишлар бошланганда аҳоли бу ҳақда маҳалла фуқаролар йиғини орқали хабардор қилинади, саволларга эса йиғинлардаги вақтинчалик штаблар мутахассислари жавоб беради.
Аҳолидан шахсий маълумотларини бегона шахсларга бермаслик сўралмоқда.