Зеленский Россия янги оммавий зарба тайёрлаётганидан огоҳлантирди

Украина Президенти Володимир Зеленский Россия яқин кунларда мамлакатга янги оммавий зарба беришга тайёрланаётгани ҳақида маълумот борлигини маълум қилди. «Яқин кунларда ракета хавфи ҳақидаги сигналларга эътибор беринг», — деди у пайшанба куни кечки видеомурожаатида.
Бу Зеленскийнинг шу ҳафтадаги иккинчи шундай огоҳлантиришидир. Тунда Россия Киевга баллистик ракеталар билан зарба берди, натижада етти киши яраланди, савдо маркази ва яна икки бино шикастланди, — деб хабар берди шаҳар мери Виталий Кличко.
Украина эса ўз дронлари Россиянинг Краснодар ўлкасидаги нефтни қайта ишлаш заводи, Бошқирдистондаги «Транснефт» обектидаги нефт резервуарлари ва Волгоград вилоятидаги Мариновка ҳарбий аэродромига зарба берганини билдирди.