Фарғона вилоятида 1,1 млн аҳолининг даромадини икки баробар ошириш мақсад қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятида ислоҳотлар натижадорлигини ошириш, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва аҳоли даромадларини кўпайтириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. 2027-йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳисобига вилоятда 1,1 миллион нафар аҳолининг даромадини икки баробар ошириш мақсад қилинган.
Шунингдек, келгуси йилда ялпи ҳудудий маҳсулотни камида 10 фоизга ошириш, 6,1 миллиард долларлик хорижий инвестиция жалб қилиш ва экспорт ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Ўзбекистон, Бешариқ ва Фарғона туманларидаги қарийб 1,5 минг гектар майдонда махсус саноат зоналари ташкил этиш таклифи маъқулланди.
Давлатимиз раҳбари аҳоли даромадларини ошириш энди ҳудуд раҳбарлари фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири бўлишини таъкидлади.