Президент туризмни ривожлантириш ва Бухоро лойиҳалари тақдимоти билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев туризм соҳасидаги ишлар, навбатдаги вазифалар ва Бухоро вилоятидаги йирик лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди. Жорий йилнинг ўн ойида Ўзбекистонга 11,6 миллион нафар хорижлик сайёҳ ташриф буюрган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20 фоиз кўп, туризм хизматлари экспорти эса 1,5 баравар ошиб, 6,1 миллиард долларга етган.
2030-йилга қадар сайёҳлар сонини йилига 20 миллион нафарга, туризм хизматлари экспортини 10 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Тақдимотда Бухоро тарихий марказини ривожлантириш бўйича мастер-режа, Арк музей-қўриқхонасини реставрация қилиш ва 2027-йилда иккинчи Бухоро халқаро биэнналесини ўтказиш консепсияси кўриб чиқилди.
Шунингдек, Туризм лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиб, унга кейинги йилда 100 миллиард сўм ажратиш назарда тутилмоқда — дейилади хабарда.