UZBNEWS

Украина разведкаси: Шимолий Корея Россияга ҳарбий ёрдамни вақтинча чеклаган

Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси 26-ноябрь куни Шимолий Корея Россияга ҳарбий кўмакни вақтинча чеклаганини ва бу қарорни шахсан Ким Чен Ин қабул қилганини маълум қилди. Украина разведкаси маълумотига кўра, келишмовчилик октябрь ойида Россия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Андрей Руденко Кремл Сеул ва Пхенян ўртасидаги кескинликни юмшатишга кўмаклашишини айтганидан сўнг юзага келган.

Разведка даъвосига кўра, КХДР Россия ҳарбий-транспорт самолётларига ўз ҳаво ҳудудидан фойдаланишни тақиқлаган, КН-23 баллистик ракеталари ва артиллерия ўқ-дорилари етказиб берилишини тўхтатган. Шунингдек, Пхенян Россиядаги шимолий кореялик ҳарбий контингентни 8,5 мингдан 50 минг нафаргача ошириш сўровини ижро этишга шошилмаяпти — дейилади баёнотда.

Москва ва Пхенян бу маълумотга муносабат билдирмаган, икки давлат расмийлари эса яқинда ўзаро стратегик ҳамкорлик ва «жанговар дўстлик» ҳақида гапирган.

UZBNEWS иловасида ўқиш