UZBNEWS

Навоийда ноқонуний олтин қазишда гумонланаётган 23 киши ушланди

Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида таркибида олтин зарралари бўлган тоғ жинсларини ноқонуний қазиб олишда гумонланаётган олтита уюшган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди — дейилади вилоят ИИБ ахборот хизмати хабарида. «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик ойлиги доирасида туманнинг тоғ тизмаларида ўтказилган рейдларда қўлбола ускуналар ёрдамида олтин қазишда гумонланаётган жами 23 нафар шахс ушланди.

Уларнинг бир қисми Жизлон тоғ тизмасида яширин равишда маъданларни қазиб олиш ва уларга ишлов беришда гумонланмоқда, уларга тегишли электр қурилмалари далилий ашё сифатида расмийлаштирилди. Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 196-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, 27-апрель куни тумандаги давлат муҳофазасидаги Сармишсой дарасида ноқонуний олтин қазилгани ва 111,5 млрд сўмлик зарар етказилгани маълум қилинган эди.

UZBNEWS иловасида ўқиш