Германияда ўзбекистонликлар учун бепул қурилиш касбий таълимига қабул бошланди

Ўзбекистон Миграция агентлиги ва Германия Федерал бандлик агентлиги ҳамкорлигида Аусбилдунг касбий таълим дастурига қабул бошланди, унда канализация тармоқлари қурилиши йўналиши бўйича 16 нафар номзод саралаб олинади. Номзодлардан немис тилидан Б1 даражасидаги сертификат, мактаб аттестати ёки касбий таълим дипломи талаб этилади, қурилиш соҳасидаги иш тажрибаси эса устунлик беради.
Биринчи йилда ойлик стипендия солиқлар чегирилгач 885 евро бўлади, авиачипта, виза ва тиббий суғурта харажатлари қопланади. Таълим 2027-йил кузида бошланади, дастурни якунлаганлар Германияда камида 2 400 евро соф ойлик маош билан доимий ишлаш имкониятига эга бўлади.
Аризалар 2026-йил 30-ноябргача қабул қилинади, қўшимча маълумотни 1282 қисқа рақами орқали олиш мумкин.