Ироқ суди ИШИДга қўшилган саккиз франсуз фуқаросини умрбод қамоққа ҳукм қилди

Ироқ суд ҳокимияти «Исломий давлат» (ИШИД) гуруҳига қўшилган саккиз нафар Франсия фуқаросини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди, яна икки нафарига 15 йиллик қамоқ жазоси тайинланди. Яна 10 нафар франсуз фуқаросига нисбатан ҳукм эълон қилиш кейинга қолдирилди, улар орасида 2016-йил 14-июлда Нитстсада 86 киши ҳалок бўлган ҳужум ҳақидаги аудиоёзувга овоз берган Адриэн Гиал (Абу Усама ал-Фарансий номи билан ҳам танилган) бор.
Суд жараёнида судланувчиларнинг аксарияти айбини тан олган ва пушаймонлик билдирган, айримлари Франсияга қайтарилишни сўраган. Ўтган йили 47 нафар Франсия фуқароси суд қилиниши учун Суриядан Ироққа ўтказилган эди, улардан 15 нафари аввалроқ умрбод қамоққа ҳукм қилинган.