Ибитса яқинида дизел ёқилғиси ташиган танкер ағдарилди, бир киши ҳалок бўлди

Испаниянинг Ибитса ороли яқинида 7 минг тоннагача дизел ёқилғиси ташиётган Малта байроғи остидаги Мед Эмре танкери ағдарилиб, экипажнинг бир аъзоси ҳалок бўлди — деб маълум қилди расмийлар. Бортдаги 17 нафар экипаж аъзосининг барчаси қутқарилган, бироқ улардан еттитаси касалхонага етказилган ва бири у ерда вафот этган — дейилади Балеар ороллари фавқулодда ёрдам хизматлари хабарида.
Танкер Испания жанубидаги Алхесирасдан Барселона портига кетаётган ва Ибитса соҳилидан 25 денгиз мили (46 км) узоқликда ағдарилган, ҳалокат сабаблари ҳозирча номаълум. Мутахассислар самолёт ва Clara Campoamor кемаси ёрдамида эҳтимолий экологик зарарни баҳоламоқда, бироқ Балеар ороллари ҳукумати раҳбари Марга Прохенснинг сўзларига кўра, ёқилғи тўкилиши ҳақида ҳали маълумот кам.
Минтақавий фавқулодда вазиятлар хизмати раҳбари Пабло Гаррис танкер тўлиқ чўкмаганини, бироқ қисман сув остида қолаётганини айтди.