Афғонистон Амударёдан Қўштепа каналига сув олишга тайёрланмоқда

Афғонистонда Амударёдан қурилаётган Қўштепа каналига яқин орада сув берилиши маълум қилинди, бироқ аниқ муддатлар ҳозирча айтилмаяпти. Афғонистон Миллий тараққиёт корпорацияси маълумотига кўра, иккинчи босқичдаги ер ишлари 99 фоизга бажарилган, бош сув олиш иншоотининг қурилиши ҳам якунига етмоқда.
Бу баёнот Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраевнинг канал орқали сув олиш 2030-йилгача бошланмаслиги ҳақидаги сўзларидан бир неча кун ўтиб янгради. Узунлиги қарийб 285 километр бўлган канал қурилиши 2022-йилда бошланган, у орқали ярим миллион гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги ерларини сув билан таъминлаш режалаштирилган.
Афғон томонининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, серсув йилларда канал орқали тахминан 10 миллиард, камсув йилларда 6 миллиард куб метр сув олинади, Тошкент ва Кобул эса сув тақсимоти бўйича музокараларни давом эттирмоқда.