UZBNEWS

Янги City Palace Тошкент марказида коммунал муаммоларни кучайтириши мумкин

City Palace ўрнида баланд меҳмонхона қурилиши пойтахт марказида сув, электр таъминоти ва тирбандлик билан боғлиқ муаммоларни кучайтириши мумкин — дейилади Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси баҳолашида. Идоранинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, ҳудуддаги электр подстансиялари 50 фоизлик меъёр ўрнига 70 фоизга юкланган, мажмуа қурилиши эса юкламани яна камида 10–15 фоизга оширади.

Меҳмонхонанинг ичимлик сувига эҳтиёжи ҳозиргидан икки баравар кўп бўлади, мавжуд қувватлар эса керакли ҳажмнинг фақат 65 фоизини қоплайди, Навоий ва Амир Темур кўчаларидаги йўлларга юклама ҳам яна 5–6 фоизга ортади. Лойиҳани кейинги кўриб чиқиш учун инвесторлар бино қаватларини бош режага мослаштириши, қўшимча коммунал қувватлар манбаларини ҳамда инфратузилмани ким ва қачон яратишини аниқлаши лозим.

Қўмитага кўра, бу талаблар пойтахтдаги барча йирик қурилиш лойиҳаларига татбиқ этилади.

UZBNEWS иловасида ўқиш