Тошкентда фирибгарлар ҳисоблагич ўрнатиш баҳонасида пенсионерлар маълумотини сўрамоқда

Пойтахтда коммунал хизмат ходими қиёфасидаги телефон фирибгарлари яна фаоллашди, улар «ақлли» сув ҳисоблагичларини ўрнатиш баҳонасидан фойдаланмоқда — дейилади «Тошкент шаҳар сув таъминоти» компанияси хабарида. Компанияга келиб тушаётган мурожаатларга кўра, фирибгарлар асосан кексалар ва пенсионерларга қўнғироқ қилиб, паспорт маълумотлари ва бошқа шахсий ахборотни олишга уринмоқда.
Компания таъкидлашича, ҳисоблагич ўрнатиш учун шахсий маълумотларни телефон орқали бериш талаб этилмайди, ишлар бошланиши ҳақида аҳоли олдиндан маҳалла қўмиталари орқали хабардор қилинади. Ҳисоблагич ўрнатиш бўйича маълумотни маҳаллалар ҳузурида ташкил этилган вақтинчалик штаблар мутахассисларидан олиш мумкин.
Шаҳар аҳолиси ҳушёр бўлишга ва кекса қариндошларини бундай қўнғироқлар хавфи ҳақида огоҳлантиришга чақирилди.