Голливуд продюсери Ларри Касанофф билан кино ва туризм бўйича меморандум имзоланди

Тошкентда Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов ва Голливуд кинопродюсери Ларри Касанофф ўртасида кино ва туризм соҳаларида ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди. Учрашув «Ипак йўлида туризм» 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси ҳамда Туризм соҳасидаги биринчи халқаро инвестиция форуми доирасида бўлиб ўтди.
Country Placement дастури асосида Ўзбекистонда Голливуднинг саргузашт жанридаги блокбастер филмларидан бирини суратга олиш истиқболлари кўриб чиқилди, лойиҳага Ўзбекистон Миллий кинокомиссияси амалий кўмак кўрсатиши режалаштирилган. «Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарлар саргузашт руҳидаги филмлар учун ҳақиқий дурдона бўла олади» — деди Ларри Касанофф.
Маълумот учун, Касанофф киноиндустрияда 35 йилдан ортиқ тажрибага эга ва «Мортал Комбат» франшизаси яратувчиларидан бири ҳисобланади.