Қатар амири ва Миср президенти Ғазодаги сулҳ ва минтақа хавфсизлигини муҳокама қилди

Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ва Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий пайшанба куни Қоҳирада бўлиб ўтган музокараларда минтақадаги кескинлик ва Ғазода ўт очишни тўхтатиш келишувини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Ас-Сисий барча томонларни келишувга риоя қилишга, Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами етказилишини таъминлашга ҳамда тиклаш ва қайта қуриш дастурларини кечиктирмасдан бошлашга чақирди.
Миср президенти, шунингдек, Қатар ва бошқа Форс кўрфази давлатлари хавфсизлигини тўлиқ қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади — дейилади Миср президенти матбуот котиби баёнотида. Томонлар иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлларини кўриб чиқди ва сиёсий маслаҳатлашувлар ҳамда мувофиқлаштиришни кучайтиришни давом эттиришга келишиб олди.
Қатар маълумотига кўра, ташриф икки томонлама муносабатларни, жумладан, инвестиция ва энергетика соҳаларида мустаҳкамлашга қаратилган.