Президентга Бухородаги туризм лойиҳалари ва соҳадаги вазифалар тақдимот қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев туризм соҳасидаги ишлар, келгусидаги устувор вазифалар ҳамда Бухоро вилоятидаги йирик лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди. Тақдимотда Бухоро шаҳрининг тарихий марказини ривожлантириш бўйича мастер-режа, Арк музей-қўриқхонасида реставрация ишлари, «Қўш мадраса» меъморий ансамблини тиклаш ва Бухоро мусиқали драма театрини реконструксия қилиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
2027-йилда иккинчи Бухоро халқаро биэнналесини ўтказиш консепсияси доирасида Сомонийлар боғидан Лаби Ҳовуз ансамблигача бўлган 2,3 километрлик ягона маданий сайр йўналишини шакллантириш кўзда тутилган. Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ, масъуллар ҳудудларда туризм соҳасида фаолият юритаётган 2 мингдан ортиқ тадбиркор билан учрашиб, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганган.
Тадбиркорлар туристик ҳудудларда электр энергияси қувватларининг етишмаслиги, электр ва газ учун олдиндан тўловларнинг юқорилиги ҳамда меҳмонхоналарда валюта айирбошлаш имкониятларининг чеклангани каби масалаларни кўтарган.