Москвада 2027-йил 1-январдан меҳнат муҳожирлари учун патент нархи ошади

Москвада 2027-йил 1-январдан хорижлик ишчилар учун патент нархи иш берувчининг мақомига қараб ойига 11 минг ёки 15,6 минг рубл бўлади, ҳозир эса у 10 минг рублни ташкил этади. Ташкилотлар, якка тартибдаги тадбиркорлар ёки хусусий амалиёт билан шуғулланувчи Россия фуқаролари қўлида ишлайдиган муҳожирлар 11 минг рубл, энага ва уй хизматчилари каби жисмоний шахсларнинг шахсий эҳтиёжлари учун ишлайдиганлар эса 15,6 минг рубл тўлайди.
Шунингдек, муҳожирлар учун минимал ойлик даромад белгиланди: икки кишигача бўлган оилалар учун 60 минг рубл, уч ва ундан ортиқ кишилик оилалар учун 80 минг рубл. Москва шаҳар думаси маълумотига кўра, депутатлар тасдиқлаган ўзгартиришлар пойтахтнинг бешта қонунига тааллуқли ва федерал қонунчиликнинг янги талабларини ҳисобга олган. Меҳнат патенти Ўзбекистон фуқароларининг Россияда қонуний ишлаши учун зарур, унинг нархини эса ҳар бир ҳудуд мустақил белгилайди.