Ўзбекистонда грипп ва ЎРВИ бўйича эпидемиологик вазият барқарор

Ўзбекистонда ЎРВИ билан касалланиш даражаси эпидемик бўсағадан 38,4 фоиз паст экани маълум қилинди — дейилади Санепидқўмита раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков маълумотида. Ҳудудларда тезкор штаблар ташкил этилиб, касалланиш динамикаси кунлик мониторинг қилинмоқда, хавф гуруҳидаги аҳоли учун гриппга қарши ваксиналар жойларга етказилмоқда.
Мамлакатда 40 га яқин юқумли касалликлар шифохонаси, 15 та вирусология лабораторияси ишламоқда, 1 721 та тез тиббий ёрдам шохобчасида 2 932 та бригада аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Хавф гуруҳига 6 ёшгача бўлган болалар, кексалар ва ҳомиладор аёллар киради.
Фуқароларга эмланиш, шахсий гигиенага риоя қилиш ва касаллик белгилари кузатилганда ўзбошимчалик билан даволанмасдан оилавий шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилди.