UZBNEWS

Сенат сафарбарлик тўғрисидаги қонун ва тезлик учун жарималарни кўриб чиқди

Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида мамлакат тарихида илк бор алоҳида яхлит қонун сифатида ишлаб чиқилган «Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди. Унга кўра, сафарбарлик даврида ҳарбий хизматга чақирилган фуқароларнинг иш жойи сақлаб қолинади, улар солиқ ва мажбурий тўловлардан озод этилади, кредит тўловлари эса кечиктирилади.

Қурилиши якунланмаган кўп қаватли уйларга фуқароларни кўчириб киритишга йўл қўйган буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар мансабдорларининг жиноий жавобгарлиги белгиланди, тезликни меъёрдан 40, 60 ва 80 км/соатга оширганлик учун жарималарни кўпайтириш назарда тутилди. Сенаторлар «Ўзбекистон эҳтироми» орденини таъсис этиш, шунингдек божхона, наркожиноятчиликка қарши курашиш, киберхавфсизлик ва давлат сирларини муҳофаза қилишга оид қонунларни маъқуллади.

Видеоконференсалоқа шаклида икки кун давом этган мажлисга Сенат Раиси Танзила Норбоева раислик қилди — дейилади расмий хабарда.

UZBNEWS иловасида ўқиш