Европада аёлларга нисбатан зўравонликка қарши намойишлар бўлиб ўтди

Шанба куни Австрия, Франсия ва Италияда аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам беришни талаб қилган намойишлар бўлиб ўтди. Римда «Нон Уна Ди Мено» феминистик ҳаракати ташкил этган юришда минглаб киши қатнашди, Франсияда эса намойишлар 30 дан ортиқ шаҳарда ўтказилди ва Париждаги икки юришга полиция маълумотларига кўра жами 12 500 киши қўшилди.
Венада Австрия парламенти олдида юзлаб эркаклар «Патриархат ўлдиради» деган шиорлар билан тўпланди. Намойишлар БМТнинг ҳафта бошида эълон қилинган ҳисоботидан сўнг бўлди, унга кўра 2025-йилда дунёда ҳар соатда тахминан беш нафар аёл ва қиз яқин шериги ёки оила аъзоси томонидан ўлдирилган.
Франсияда 2025-йилда 111 нафар аёл ҳозирги ёки собиқ шериги қўлида ҳалок бўлган, Италияда эса йил бошидан 25-ноябргача 76 аёл фемитсид қурбони бўлган — дейилади фаоллар ва расмий маълумотларда.