Тошкентда шахмат бўйича V халқаро «Президент кубоги» турнири бошланди

Пойтахтдаги «Олимпия шаҳарчаси»да шахмат бўйича V халқаро «Президент кубоги» турнири бошланди. Турли мамлакатлардан келган шахматчилар 6-декабрга қадар «Мастерс», «Опен-А» ва «Опен-Б» гуруҳларида ғолиблик учун баҳс олиб боради.
Турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 100 минг АҚШ долларини ташкил этади, барча гуруҳларда классик шахмат бўйича тўққиз турдан иборат баҳслар ўтказилади. «Мастерс» гуруҳининг дастлабки турида Муҳаммадзоҳид Суяров Ҳумоюн Бегмуратов билан, Жаҳонгир Воҳидов эса Абдималик Абдисалимов билан ўйнади.
Мазкур гуруҳда ўзбекистонлик шахматчилар билан бир қаторда Ҳиндистон, Германия, Франсия, Украина ва Арманистон вакиллари ҳам иштирок этмоқда.