Фойдаланишга топширилмаган уйларга кўчириш учун жиноий жавобгарлик жорий этилади

Сенат фойдаланишга қабул қилинмаган кўп квартирали уйларга фуқароларнинг кўчиб киришига йўл қўйган буюртмачи ва пудратчиларнинг масъул ва мансабдор шахсларига нисбатан жиноий жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонунни маъқуллади. Ҳужжат Сенатнинг 21-ялпи мажлисида муҳокама қилинди — дейилади юқори палата матбуот хизмати хабарида.
Қонун билан Шаҳарсозлик кодексига ҳам қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиб, буюртмачи ва пудратчилар зиммасига бундай уйларга кўчиб киришнинг олдини олиш чораларини кўриш мажбурияти юклатилиши мумкин. Сенаторлар ўзгартиришлар уй-жой муносабатларини тартибга солиш ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилишини таъкидлади.