ЖССТнинг Ибн Сино номидаги халқаро мукофотини таъсис этиш ташаббуси кўриб чиқилди
Тошкентда бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлатлар Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик кенгашининг 39-йиғилиши доирасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси директори вазифасини бажарувчи Коринн Капуано билан учрашди. Хабарга кўра, учрашувда буюк аллома шарафига ЖССТнинг Ибн Сино номидаги халқаро мукофотини таъсис этиш бўйича Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббус атрофлича кўриб чиқилди.
Томонлар она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ҳамда тиббиёт кадрлари салоҳиятини ошириш бўйича қўшма лойиҳаларни ҳам муҳокама қилди. Шунингдек, Қирғиз Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Дамирбек Осмонов бошчилигидаги делегация Фарматсевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига ташриф буюриб, икки давлат ўртасида тажриба алмашиш масалаларини кўриб чиқди.