UZBNEWS

Сенат тиббиёт ва фарматсевтика ходимлари фаолиятига оид қонунни рад этди

Сенат ялпи мажлисида аҳолига тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмига кирадиган хизматларни кўрсатиш ҳамда тиббиёт ва фарматсевтика ходимларининг касбий фаолияти тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун муҳокама қилиниб, сенаторлар уни рад этди. Қонун билан «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида» ва «Дори воситалари ва фарматсевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунларга кафолатланган ҳажмдаги тиббий ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилишини таъминлашга қаратилган тузатишлар киритиш назарда тутилган эди.

Ҳужжатда тиббиёт ва фарматсевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига тиббиёт соҳасида олий ёки касбий таълим олганлик тўғрисидаги дипломга эга ва давлат рўйхатидан ўтказилган шахслар эга бўлиши белгиланган. Сенаторлар қонундаги айрим нормаларни амалдаги қонунчилик ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлардан келиб чиқиб такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади.

Сенат аъзоси Гулнора Маъруфова соҳада кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилаётганини қайд этди.

UZBNEWS иловасида ўқиш