Сенат хорижликлар учун махсус солиқ режимини жорий этувчи қонунни маъқуллади

Сенат ялпи мажлисида чет эл фуқаролари учун махсус солиқ режимини жорий этувчи қонун маъқулланди. Унга кўра, махсус йиғим тўлаган хорижликларнинг Ўзбекистондан ташқаридаги манбалардан олган даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади, бу йиғимлар эса тўғридан-тўғри давлат бюджетига йўналтирилади.
Шунингдек, саноат корхоналари дуал таълим шаклида ўқиётган ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари бўйича ижтимоий солиқни белгиланган ставкадан икки баравар кам миқдорда тўлайди. Қонун тўғридан-тўғри хорижий сармояларни фаолроқ жалб қилиш ва саноатда дуал таълимни ривожлантиришга қаратилган, — дейди Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев.