UZBNEWS

Сенат ҳимоячиларга ҳимоя фикрини тақдим этиш ҳуқуқини берувчи қонунни маъқуллади

Сенатнинг йигирма биринчи ялпи мажлисида Жиноят-протсессуал кодекси ва «Адвокатура тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун маъқулланди. Унга кўра, суриштирув ёки дастлабки тергов тугаганидан кейин ҳимоячига беш сутка муддат ичида ҳимоя фикрини тақдим этиш ҳуқуқи берилади.

Айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси тасдиқланиб, жиноят иши прокурор томонидан судга юборилаётганда ҳимоя фикри ҳам тегишли судга илова қилиниши шарт этиб белгиланмоқда. Қонундан кўзланган мақсад тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принсипини таъминлаш ҳамда одил судловда адвокатнинг ролини оширишдан иборат — деди Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупсияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов.

Асосий мақсад инсон ҳуқуқларини янада ишончли ва самарали ҳимоя қилиш экани, тергов ва суд идоралари бунинг учун зарур шарт-шароитларни яратиши лозимлиги таъкидланди — деди Сенат Раиси Танзила Норбоева.

UZBNEWS иловасида ўқиш