«Сан-Антонио» билан ўйиндан сўнг мухлис Лука Дончични итариб юборди
«Лос-Анжелес Лейкерс» юлдузи Лука Дончич «Сан-Антонио Спурс»га ютқазган ўйиндан сўнг майдонни тарк этаётганда мухлис томонидан итариб юборилди. Дончич билагузугини трибунадаги аёл томон отган, сўнг ортга қайтганида бир эркак унга билагузукни қайтариб бериб, чап елкасидан итарган.
Қўриқчилар деярли дарҳол аралашган ва баскетболчи кийиниш хонасига йўл олган. «Мен деярли ҳар ўйинда қилганимдек билагузугимни отдим, кейин уни олишни истамаганини эшитиб, қайтиб олгани бордим, у эса мени итариб юборди» — деди Дончич журналистларга.
«Спурс» учрашувда 99:96 ҳисобида ғалаба қозониб, НБА кубогининг плей-офф босқичига йўл олди.