Бухоро аэропорти яқинидаги қарийб 1 минг гектар ерда боғлар барпо этилади
Бухоро туманида фойдаланишдан чиққан қарийб 1 минг гектар ер майдонини қайта ўзлаштириш бўйича агротехник ишлар олиб борилмоқда, у ерда мевазор боғлар, жумладан, ўрикзорлар барпо этиш режалаштирилган. Бухоро халқаро аэропортидан беш километр масофада жойлашган ҳудуддаги ишлар билан қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов танишди.
Унга туташ 100 гектар майдонда "Уч қарағай агро ленд" МЧЖ томчилатиб суғориш ва рангли плёнка ёрдамида пахтанинг серҳосил навларини етиштириши кўзда тутилган. Аэропортга олиб борувчи автомобил йўлининг икки томонидаги майдонларда чорвачилик учун озуқа экинлари экилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, АҚШнинг Валлей ва Австриянинг Бауэр компаниялари ҳамда бошқа хорижий инвесторлар билан ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди — дейилади хабарда.