UZBNEWS

Енгил саноат корхоналарининг айрим харажатлари давлат жамғармасидан қопланади

Енгил саноат корхоналарининг ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш чоралари тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди, унга кўра корхоналарнинг айрим харажатлари Енгил саноатни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади. Жумладан, таннархни мақбуллаштиришга қаратилган тадбирлар (Каизен, Леан манагемент ва бошқалар) харажатлари, 2027-йил 1-июлга қадар сунъий толани қайта ишловчи корхоналарга унинг импортидаги транспорт харажатларининг 1 тоннаси учун 200 АҚШ доллари қисми қопланади.

2028-йил 1-январга қадар электрон савдо платформалари орқали сотилган маҳсулот қийматининг 3 фоизи ва платформалардаги реклама харажатларининг бир қисми ҳам қоплаб берилади. Шунингдек, тижорат банкларига қарздорлик эвазига балансига олинган, бозор қиймати 15 млн АҚШ долларидан ортиқ тўқимачилик корхоналарини мулкий мажмуа сифатида 10 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотишга рухсат берилади.

2027-йил ҳосилидан бошлаб жамғарма пахта ва ғалла етиштириш учун ажратадиган ресурслар фоиз ставкаси 2 фоиз бандга пасайтирилади, «Агробанк» маржаси эса 4 фоиз этиб белгиланади — дейилади қарорда.

UZBNEWS иловасида ўқиш