ТУРКСОЙ 2027-йилни туркий дунёда «Чўлпон йили» деб эълон қилди

Андижонда бўлиб ўтган ТУРКСОЙ йиғилишида 2027-йил туркий дунёда «Чўлпон йили» деб эълон қилинди. Қарор Ўзбекистон ташаббуси билан атоқли шоир, ёзувчи ва таржимон Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон таваллудининг 130 йиллиги муносабати билан қабул қилинди.
28-ноябрь куни ўтган ТУРКСОЙга аъзо давлатлар маданият вазирлари доимий кенгашининг 43-йиғилишида ташкилотнинг 2027-йилга мўлжалланган фаолият дастури ҳам тасдиқланди. Шунингдек, 2027-йилда «Туркий дунёнинг маданият пойтахти» бўладиган Туркиянинг Қайсари шаҳридаги тадбирлар дастури маъқулланди, 2028-йилги маданият пойтахти сифатида Қирғизистоннинг Талас шаҳри номзоди муҳокама қилинди.
Қирғизистон таклифи билан Чингиз Айтматов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан 2028-йилни «Чингиз Айтматов йили» деб эълон қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.