UZBNEWS

Сенат сафарбарлик тўғрисидаги қонунни маъқуллади: чақирилганлар солиқдан озод

Сенатнинг 21-ялпи мажлисида «Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида»ги қонун маъқулланди. Қонунга кўра, сафарбарлик даврида ҳарбий хизматга чақирилган фуқаролар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан озод этилади, уларнинг кредит тўловлари муддатлари эса кечиктирилади.

Чақирувда фуқароларнинг соғлиғи, оилавий шароити ва қарамоғидаги шахслар инобатга олинади, айримлар учун чақирувни кечиктириш имконияти белгиланган, ҳарбий хизматга чақирилган ишловчи фуқароларнинг иш жойи сақланиб қолади. Зарур ҳолларда фуқаролар ва ташкилотларнинг транспорт воситалари, бинолари ва бошқа мол-мулкидан қуролли кучлар эҳтиёжлари учун фойдаланилиши мумкин, харажатларни қоплаш тартибини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.

Қонунда озиқ-овқат, нефт маҳсулотлари ва бошқа муҳим ресурслар захирасини шакллантириш ҳамда тиббий хизматлар ва муҳим инфратузилманинг барқарор фаолиятини таъминлаш чоралари ҳам назарда тутилган.

UZBNEWS иловасида ўқиш