Ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқни СМС орқали юборишга рухсат берилиши мумкин
Ўзбекистонда иш берувчиларга ходимни ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқ нусхасини СМС, электрон почта, Ягона миллий меҳнат тизимидаги шахсий кабинет ёки мессенжерлар орқали юбориш ҳуқуқи берилиши мумкин, бунинг учун бу тартиб меҳнат шартномасида келишилган бўлиши керак. Таклиф Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ишлаб чиққан Меҳнат кодекси ҳамда «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар лойиҳасида илгари сурилган, ҳужжат 9-декабргача жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
СМС фақат ходим номига расмийлаштирилган рақамга юборилиши ва унда шартнома бекор қилинган кун ҳамда асослар кўрсатилиши лозим. Лойиҳага кўра, олий таълим муассасаларида масофавий шаклда ўқийдиган ходимларга ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ҳар йили камида 15 календар кунлик ўқув таътили берилади.
Шунингдек, иш берувчи уларга йилига бир марта сессияга бориб-келиш йўл ҳақининг камида 50 фоизини қоплаб беради — дейилади лойиҳада.