Сенат ноқонуний ишлаган чет элликларни жаримага тортиш қонунини маъқуллади

Сенатнинг 21-ялпи мажлисида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 49⁶-моддани киритишни назарда тутувчи қонун маъқулланди. Унга кўра, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистонда тасдиқномасиз, тасдиқнома муддати тугаганидан кейин ёки унда белгиланмаган меҳнат фаолияти билан шуғулланиши учун БҲМнинг ўн баравари миқдорида жарима солинади.
Ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такроран содир этилса ёки жарима тўланмаса, ҳуқуқбузар мамлакатдан маъмурий тарзда чиқариб юборилади ва унинг кириш ҳуқуқи уч йилга чекланади. Амалдаги қонунчиликда бундай ҳуқуқбузарликлар учун чет эл фуқароларининг бевосита маъмурий жавобгарлиги назарда тутилмаган эди.
Қонун чет эл фуқаролари ва иш берувчиларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилади, — дейилади сенаторлар фикрида.