Тошкентнинг айрим кўчаларида 10-январгача транспорт ҳаракати чекланади

Тошкент шаҳрининг айрим кўчаларида 2026-йил 30-ноябрдан 2027-йил 10-январгача транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланади — дейилади пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида. Янги йил тадбирларига тайёргарликнинг биринчи босқичида Истиқлол кўчасининг Буюк Турон ва Зарафшон кўчалари оралиғидаги қисми ҳамда Буюк Турон кўчасининг Истиқлол кўчаси билан кесишмадан Ёшлар ижод саройигача бўлган қисми ёпилади.
Чекловлар байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида жорий этилмоқда. Ҳокимлик иккинчи босқичда киритиладиган чекловлар ҳақида қўшимча маълумот берилишини билдирди.
Ҳайдовчиларга ҳаракат йўналишларини ушбу чекловларни ҳисобга олган ҳолда режалаштириш тавсия этилди.