UZBNEWS

Андижон ва Сурхондарёда 7 килограммдан ортиқ гиёҳванд модда аниқланди

«Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбири доирасида Андижон ва Сурхондарё вилоятларида йирик миқдордаги гиёҳвандлик моддалари ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари аниқланди. Термиз халқаро савдо марказида 1986-йилда туғилган Афғонистон фуқароси чопон орасига яшириб, контрабанда йўли билан олиб кирилган 6 килограмм 342 грамм «гашиш»ни 15 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинди.

Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида илгари гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноят учун судланган фуқаро хонадонидан 1 килограмм 157 грамм «гашиш» ва 1946 дона «Регапен» топилди. Ундан «Регапен» сотиб олишга уринган 2001-йилда туғилган маҳаллий фуқаро ҳам ушланди.

Ҳар икки ҳолат бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда — дейилади хабарда.

UZBNEWS иловасида ўқиш