Албанияда намойишчилар Бош вазир Эди Рама истеъфосини талаб қилди
Шанба куни Албания пойтахти Тиранада минглаб намойишчилар Бош вазир Эди Рама истеъфосини талаб қилди, намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берди. Полиция тош отган ва таёқлар билан кўча камералари ҳамда ҳукумат бинолари ойналарини синдиришга уринган намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлар қўллади.
Намойиш мамлакат мустақиллигининг 114 йиллигига тўғри келди. Ҳукуматга қарши чиқишлар май ойи охирида мамлакат жанубий соҳилидаги йирик ҳашаматли туризм лойиҳасига қаршиликдан бошланган, лойиҳа АҚШ Президенти Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер асос солган инвестиция компанияси билан боғлиқ.
Намойишчилар таълим ва турмуш даражасини яхшилашни, сўнгги пайтда эса Рама истеъфосини талаб қилмоқда.