Сенат божхона божларидан қасддан бўйин товлаш учун жиноий жавобгарликни маъқуллади
Олий Мажлис Сенати 27-ноябрь куни божхона божларини тўлашдан қасддан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарлик белгиловчи қонунни маъқуллади, унга кўра Жиноят кодексининг солиқлар ва йиғимларга оид 184-моддаси божхона божларини ҳам қамраб олади. Маълумотларга кўра, 2024-йилда 348 та ҳолатда 241 миллиард сўмлик божхона тўловларидан бўйин товлаш аниқланган, жорий йилда эса 315 миллиард сўмга яқин шундай ҳуқуқбузарликлар фош этилган.
Қонун билан божхона қонунчилигини бузиш билан боғлиқ пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласига оид жиноятлар бўйича суриштирув ваколати божхона органларига ўтказилади. Сенат қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳоновнинг таъкидлашича, жиноий жавобгарлик ҳар қандай тўлов кечикиши ёки техник хато учун эмас, балки жиноят таркиби мавжуд бўлган ҳоллардагина қўлланилади. Энди қонун имзолаш учун президентга юборилади.