Ибиза яқинида дизел ёқилғиси ортилган танкер чўкди, бир экипаж аъзоси вафот этди

Испаниянинг Ибиза ороли яқинида 7 минг тоннагача дизел ёқилғиси ортилган Малта байроғи остидаги Мед Эмре танкери чўкиб кетди. Кеманинг 17 нафар экипаж аъзоси қутқарилди, бироқ улардан бири кейинроқ шифохонада вафот этди, яна олти киши гипотермияга учради — дейилади Балеар ороллари ҳукумати баёнотида.
Танкер Алхесирасдан Барселонага кетаётган бўлиб, Ибизанинг шимоли-ғарбий қирғоғидан тахминан 56 километр узоқликда чўккан, ҳалокат сабаби ҳозирча номаълум. Испания савдо флоти бошқармаси денгизни ифлосланишдан ҳимоя қилиш бўйича миллий фавқулодда режани иккинчи даражада фаоллаштирди.
Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, пайшанба эрталабгача ҳудудда кема қолдиқлари ёки ифлосланиш белгилари аниқланмаган.