Сенат маст ҳолда такроран ҳайдаганлик учун қамоқ жазосини маъқуллади

Сенат 21-ялпи мажлисида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашни янада такомиллаштириш муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Жиноят кодексининг 261-1-моддасига киритилаётган ўзгаришга кўра, транспорт воситасини маст ҳолда такроран бошқарганлик учун 1 йилдан 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади.
Транспорт воситасини бошқаришни вояга етмаганларга топширганлик учун кодекс янги 261-3-модда билан тўлдирилиб, ўртача оғир ёки оғир тан жароҳати етказилса 3 йилгача, ўлим ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилади, маъмурий тартибда эса 50 БҲМ миқдорида жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ қўлланади. Тезликни 40 км дан ортиқ оширганлик учун 25 БҲМгача, 60 км дан ортиқ оширганлик учун 45 БҲМгача, 80 км дан ортиқ оширганлик учун эса 65 БҲМгача жарима ва 6 ойга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш белгиланади.
Шунингдек, йўл безорилиги, ноқонуний автопойгалар, хавфли манёврлар, дрифт ва бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларига атайин тўсиқ яратиш учун чоралар кучайтирилади; сенаторлар фикрича, қонун хавфли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва йўлларда инсон ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган.