UZBNEWS

Mercedes ихтиёрий ишдан кетган ходимларга 422 минг еврогача тўлов таклиф қилди

Германиянинг Mercedes-Бенз автоконсерни ўз хоҳиши билан ишдан кетган ходимларга 422 минг еврогача компенсация тўлашни назарда тутувчи янги дастурни ишга туширмоқда — деб хабар берди Билд нашри компаниянинг ички ҳужжатларига таяниб. Таклиф ишлаб чиқаришдан ташқарида банд бўлган 30 мингдан ортиқ ходимга, жумладан, илк бор юқори даражадаги раҳбарларга ҳам юборилади, иштирок учун 1-декабрь ҳолатига кўра камида уч йиллик иш стажи талаб этилади.

Энг катта суммани юқори маош олувчи 52 ёшли муҳандис 2027-йил март ойи охиригача ишдан кетишга рози бўлса олиши мумкин, маъмурий бўлим ходимлари учун эса 253 минг еврогача тўлов кўзда тутилган. Дастур 2026-йил 1-декабрдан 2027-йил 30-сентябргача амал қилади, март ойи охиригача қарор қабул қилганларга қўшимча «Турбо-Бонус» берилади.

Компания буни иқтисодий вазият ёмонлашгани билан изоҳламоқда, бироқ Германияда бандлик кафолатлари тўғрисидаги келишув 2034-йил охиригача амал қилгани сабабли консерн ходимларни одатий тартибда ишдан бўшата олмайди.

UZBNEWS иловасида ўқиш