Африкага ОИВнинг олдини олувчи арзон уколнинг илк партияси етказилди

ОИВ инфексиясининг олдини олувчи ленакапавир препаратининг арзон генерик версиясининг илк халқаро партияси чоршанба куни Замбияга етиб келди, Угандага етказиб бериш яқин кунларда кутилмоқда — деб хабар берди Глобал жамғарма. Йилига икки марта укол қилинадиган препарат ОИВ юқишининг олдини олишда деярли 100 фоиз самарали бўлиб, унинг нархи бир киши учун йилига 40 доллар бўлиши кутилмоқда.
АҚШнинг Гилеад Sciences компанияси томонидан ишлаб чиқилган асл версиянинг АҚШдаги йиллик нархи тахминан 28 минг долларни ташкил этган. Жамғарма маълумотига кўра, 10 та давлатда 189 мингдан ортиқ киши препаратнинг биринчи уколини олган, 2028-йил охиригача эса камида уч миллион кишини қамраб олиш режалаштирилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ўтган йили дунёда 41 миллион киши ОИВ билан яшаган.