Сенат сафарбарлик тўғрисидаги илк алоҳида қонунни маъқуллади
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 27-ноябрь куни «Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида»ги қонунни маъқуллади. Ҳужжатга кўра, Ўзбекистонга ҳужум қилинган ёки халқаро шартнома мажбуриятларини бажариш зарурати юзага келган тақдирда умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиниши мумкин.
Сафарбарлик президент фармони билан эълон қилинади, фармон уч сутка ичида Олий Мажлис палаталари тасдиғига киритилиши, палаталар эса уни 72 соатдан кечиктирмай кўриб чиқиши шарт. Қонун Қуролли Кучлар эҳтиёжлари учун фуқаролар ва ташкилотлар мол-мулкидан харажатларни қоплаган ҳолда фойдаланиш тартибини ҳам белгилайди.
Сафарбарлик тўғрисидаги алоҳида қонун мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи марта қабул қилинмоқда, — деди мудофаа вазири ўринбосари Ҳамдам Қаршиев.